Наврўз байрамида ўзбекистонликлар беш кунгача дам олади
Наврўз байрамида ҳафтасига 5 кун ишловчи ўзбекистонликлар 5 кун, 6 кун ишловчилар эса 3 кун дам олади.
5 кун ишловчилар 18 мартдан бошлаб 22 мартгача дам оладилар. Лекин бу ҳолатда 17 ва 24 март – шанба кунлари расман иш куни бўлади.
Ҳафтасига 6 кун ишловчи ходимлар Наврўз байрами арафасида 18 мартдан 21 мартгача дам оладилар. Бу ҳолатда ҳафтасига 6 кун ишловчи ходимлар душанба 19 март ва пайшанба 22 март кунлари ишга чиқишлари лозим.
Наврўз кунларидаги дам олиш кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 декабрь куни имзоланган "2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги фармонида белгилаб берилган.
Кун янгиликлариЎзбекистондаги тижорат банкларида доллар курси 11 минг сўмдан ошди
Ўзбекистондаги айрим тижорат банкларида 1 АҚШ доллари 11 минг 10 сўмдан сотилмоқда. Бу ҳақда қатор маҳаллий нашрлар хабар қилишди.
Хусусан, “Дарё” нашри хабарига кўра, 11 март куни Hamkorbank харидорларга 1 АҚШ долларини 11 минг сўм, Davrbank, Ipak yo‘li bank, Микрокредит банк кабилар эса 11 минг 10 сўмдан таклиф қила бошлаган.
Ўзбекистонда АҚШ долларининг курси 11 минг сўмдан ошгани илк бор кузатиляпти. Аввалроқ таҳлилчилар Украинага бостириб кирган Россия Федерациясига қарши дунёдаги қатор давлатлар санкциялар жорий этгани ортидан маҳаллий валюта бўлмиш рубль кундан-кунга қадрсизланиб бораётгани, бу эса Россия билан тиғиз иқтисодий алоқаларга эга бўлган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон иқтисодиёти ва валютаси қадрига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган эдилар.
Ўзбекистон Марказий банки 11 март ҳолатига кўра 1 АҚШ доллари курсини 10 минг 957 сўм 36 тийин қилиб белгилаган.
Умрага борувчилардан бундан буён ПЗР-тести талаб қилинмайди
“Умра-2022” мавсумида Саудия Арабистони подшоҳлигига сафар қилаётган зиёратчилар учун сафардан олдин олинадиган ПЗР-тест маълумотини тақдим этиш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Қўмита Умрага борувчилар коронавирусга қарши Pfizer/BioNTech, Oxford-AstraZeneca, Moderna ёки Johnson&Johnson каби вакциналардан бири билан эмланган бўлиши кераклигини эслатган.
Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди
Юзлаб халқаро ширкатларни Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилишига сабабчи бўлган Cotton Campaign инсон ҳуқуқлари ташкилоти 10 март куни ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди.
Ташкилотнинг расмий сайтида билдирилишича, бунга “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” 2021 йилдаги пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмаганини эътироф этгани сабаб бўлган.
Cotton Campaign Ўзбекистонда пахта теримига миллионлаб аҳоли, жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам жалб этилгани ортидан, 2009 йилда халқаро ҳамжамиятни ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишга чақирган эди.
Бу чақириқ жаҳондаги 331 та бренд, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart томонидан қўллаб-қувватланган.
Президент Мирзиёев Эрон делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул пайтида Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада кенгайтириш масалалари ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилган.
“Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида шериклик лойиҳалари ва дастурларини илгари суриш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан хавфи ортиб бораётган терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотикларнинг ноқонуний айланмаси таҳдидларига қарши курашиш масалаларида самарали ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган хабарномада.
Шунингдек, қабул чоғида томонлар Афғонистонда юзага келаётган вазият ҳамда ушбу мамлакатдаги гуманитар инқирозни енгиб ўтишга зарур кўмак кўрсатиш чоралари юзасидан фикр алмашгани қўшимча қилинган.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 42 миллиард долларга яқинлашди
2021 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 41 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги 9 март куни эълон қилган ҳисоботда маълум қилинди.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2021 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2020 йилга нисбатан 12,7 фоизга кўпайган ва ялпи ички маҳсулотнинг 60,1 фоизини ташкил қилган.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2021 йилда ялпи ички маҳсулотнинг номинал ҳажми 734,6 триллион сўмни ёки 69,2 миллиард долларни ташкил этган.
Қашқадарё вилоятининг 5 та туманида кучли шамол бўлди ва томларни учириб кетди
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ ва Китоб туманларида 9 март куни соат 09:00 дан 12:00 гача секундига 20 метр тезликда эсган шамол оқибатида айрим объектларнинг томи учиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Шамол билан биргаликда, мазкур туманларда, кучли ёғингарчилик ҳам қайд этилган. Шаҳрисабз тумани “Чоршанби” қўрғонидаги озиқ-овқат савдо дўкони томини шамол учириб юборган. Қамаши тумани “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида елим идишларни йиғиш пункти томи ҳам учиб кетган. Бунинг оқибатида уч киши жароҳатланган ва касалхонага олиб кетилган.
Бундан ташқари Яккабоғ туманидаги Тош қишлоғидаги бир уйнинг, Наврўз қишлоғидаги иккита уйнинг томлари ҳам қулаган.
Китоб туманидаги Қайнар, Мотмон ва Қавзихона қишлоқларида 4 та симёғоч йиқилган, Тепабоши қишлоғидаги бир уйнинг томи учган.
Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида уч кишини яшин урди, бир киши ўлди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Откамар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир оиланинг уч аъзосини яшин урди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ҳодиса 9 март куни соат 11:45 да юз берган. Вазирлик “ноқулай об-ҳаво шароити” пайтида кўчага чиққан “3 нафар фуқарони яшин урган”ини маълум қилган
Яшин урган фуқаролардан бир нафари воқеа жойида вафот этди. Яна бирига туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Учинчи киши эса тиббий ёрдам кўрсатилиб, амбулатор даволанишга рухсат берилган.
“Nasafnews” нашри яшин урганлар бир оиланинг аъзолари бўлгани ҳақида хабар берди. Яшиндан ҳалок бўлган шахс 63 ёшдаги эркак бўлиб, у оила бошлиғи эди.
Марҳумнинг 37 ёшли ўғли танасининг камида 18 фоизи куйиши оқибатида касалхонага ётқизилган. 42 ёшдаги ўғил эса энг кам жароҳат олган ва амбулатор ёрдамдан сўнг уйига қайтган.
Ўзбекистонга 2 миллион дозадан зиёд Moderna вакцинаси олиб келинди
Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида Moderna вакцинасидан яна 2 миллион 257 минг 600 доза келтирилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.
Бугунги партия билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши ишлатилаётган вакциялар миқдори 59 миллион 269 минг 23 дозага етган.
Бундан 8 миллион 580 минг 460 дозаси Moderna, 2 миллион 404 минг 480 дозасини AstraZeneca, 41 миллион 996 минг 268 дозасини ZF-UZ-VAC2001, 1 миллион 341 минг 790 дозасини “Sputnik V”, 2 миллион 626 минг 650 дозасини Pfizer/BioNTech, 1 миллион 976 минг дозасини Sinovac, 343 минг 375 дозасини эса Sputnik Light вакцинаси ташкил этмоқда.
ССВ шу кунгача мамлакатга келтирилган вакциналардан 46,5 миллион дозадан кўпроғи эмлаш жараёнида қўлланилганини билдирган.
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни ўтган йилнинг апрель ойидан бошланган.
ТИВ вакили: Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 5000 нафардан ошди
Жорий йилнинг 28 февралидан 9 мартига қадар Украинадан Польшага эвакуация қилингани ортидан ватанига қайтарилган ўзбекистонликлар сони 5 минг 37 нафарга етган. Бу ҳақда маълум қилган Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов 8-9 март кунлари Польшанинг Катовице аэропорти орқали 250 нафар ўзбекистонлик юртига қайтарилганини очиқлаган.
ТИВ вакили Украинадан “Карчова” назорат-ўтиш пунктига келаётган ўзбекистонликлар сони камайгани кузатилаётгани, 9 март куни уларни Ўзбекистонга қайтариш учун яна битта рейс амалга оширилиши режаланганини билдирган.
Қобилжонов қайдича, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан Суми шаҳридан 23 нафар ўзбекистонлик талаба халқаро гуманитар ташкилотлар шафелигида эвакуация қилинган.
ТИВ вакилига кўра, ўзбекистонлик дипломатлар Молдова Республикасида бўлиб, ушбу мамлакатдан ўзбекистонликларни эвакуация қилиш масаласини ишлаб чиқяптилар.
Uzbekistan Airways Россияга парвозлар тўхтатилмаслигини билдирди
Uzbekistan Airways ширкати 7 март куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қатновлар тўхтатилмаслигини маълум қилди.
Ширкат матбуот котиби Камола Икромованинг билдиришича: “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар жадвалга мувофиқ узилишларсиз амалга оширилади ва хавотирга ўрин йўқ.
6 март куни Ўзбекистон Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Россиянинг “Smartavia” ва “I FLY” авиаширкатлари 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатгани тўғрисида хабар берганди.
Бундан аввалроқ “Аэрофлот”, “Россия”, “Аврора” ва S7 авиаширкатлари ҳам халқаро рейсларни амалга оширишни тўхтатганини билдирган.
Кремль Украинага уруш очгани ортидан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Россия авиаширкатлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Қатор давлатлар эса Россия авиаширкатларига ижарага берилган самолётларни қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.
Ўзбекистонда доллар, евро ва рублнинг курси пасайди
Марказий банк хорижий валюталарнинг 9 мартдан бошлаб амал қиладиган янги курсини эълон қилди.
Янги курсда таъкидланишича, доллар 13,16 сўмга, евро 186, 67 сўмга, рубль 19,21 сўмга арзонлади.
9 мартдан бошлаб 1 доллар 10 897,27 сўмдан, евро 11 831,17 сўмдан, рубль 79,89 сўмдан сотилади.
Россия Украинага уруш очганидан сўнг рублнинг қадри кескин тушиб кетгани кузатилган эди. Ўзбекистонда 2017 йилдан бери илк марта рублнинг расмий курси 100 сўмдан пасайиб кетди.
Ҳордиқ кунлари Польшадан яна 674 нафар ўзбекистонлик юртига қайтарилди
Жорий йилнинг 6-7 март кунлари Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликлардан 674 нафари юртига қайтарилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов маълумотига кўра, Катовице аэропорти орқали Ўзбекистонга қайтарилган бу фуқароларнинг 109 нафари аёл, 57 нафари вояга етмаган болалар ва 12 нафари чақалоқдир. Бу билан 28 февралдан буён 19 та авиақатнов билан ватанига қайтарилган ўзбекистонликлар сони 4 минг 359 нафарга етган.
ТИВ вакили 7 март куни ҳам фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича яна битта рейс амалга ошириш режаланаётгани, айни пайтда Польша ҳудудида 350 дан зиёд ўзбекистонлик қолаётганини билдирган.
Россия авиаширкатлари Ўзбекистонга парвозларни тўхтатди
Россиянинг “Smartavia” ва “I FLY” авиаширкатлари 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатгани тўғрисида Ўзбекистон Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги 6 март куни хабар берди. Жумладан, “Smartavia” нинг 7 март кунига режалаштирилган Москва – Урганч – Москва йўналишидаги парвози ҳам бекор қилинди.
“Бекор бўлган авиақатновлар йўловчилари авиачипта пулларини қайтариш ёки чипталарини бошқа муддатга қайта бронлаш масалалари юзасидан ушбу чипталарни харид қилган авиакассаларга мурожаат этишлари тавсия этилади”,-дейилади расмий билдирувда.
Бундан аввалроқ “Аэрофлот”, “Россия”, “Аврора” ва S7 авиаширкатлари ҳам халқаро рейсларни амалга оширишни тўхтатганини билдирган эди. Мазкур авиаширкатлар Ўзбекистонннинг бир қатор шаҳарларига парвоз қиларди.
Халқаро рейсларнинг бекор қилиниши “парвозларнинг бажарилишига тўсқинлик қилувчи қўшимча ҳолатлар пайдо бўлгани” билан изоҳланмоқда.
Кремль Украинага уруш очгани ортидан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Россия авиаширкатлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Қатор давлатлар эса Россия авиаширкатлари ўзларидан ижарага олган самолётларни қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.
Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлардан 2579 нафари юртига қайтди
Жорий йилнинг 4 март ҳолатига кўра, Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликлардан 2 579 нафари 11 та авиарейс билан ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
ТИВ вакилига кўра, 3-4 март кунлари Польшанинг Катовице аэропорти орқали 720 нафар ўзбекистонлик олиб келинган. Айни пайтда мазкур аэропортдан Ўзбекистонга яна учта парвоз (4 март куни Тошкент вақти билан соат 14:30 ва 16:00 да ҳамда 5 март куни соат 03:00 да) кутилмоқда.
Қобилжонов қайдича, ҳозирда Польша ҳудудида 1480 нафардан зиёд ўзбекистонлик қолмоқда – улардан 700 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 780 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.
Украинадан Молдовага қочган ўзбекистонликлар ватанига қачон қайтарилиши маълум эмас
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ кўриб чиқилиши ҳақида баёнот берди.
“Молдова томони инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъий назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда”, - дейилади расмий билдирувда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Молдовага қочиб ўтган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи “кейинроқ кўриб чиқилади”. Вазирлик айни пайтда Украинадан Польшага ўтган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш устивор эканини таъкидлаган.
Ташқи ишлар вазирлиги 2 март куни Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш бўйича 28 февралдан шу кунгача еттита махсус авиақатнов амалга оширилганини маълум қилган эди.
Киевдаги элчихона ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишларини давом эттираётганини урғулаган вазирлик шу пайтгача 1 186 нафар фуқаро ватанига қайтарилганини қўшимча қилган.