Сарвар Усмон: 'Муҳожират ичимдаги цензорга қулоқ солиш “имконияти”дан маҳрум этди'
Сарвар Усмон: Бу савол ижодкорга берилса тўғри бўлармиди? Чунки “ижодкор” сўзи вазнини кўтара оладиган қувватга эгамасман. Мен бир журналист одам – қора сўз – одми сўзнинг қули, этикдўздай бир косибман. Карашма эмас бу. Ноз эмас. "Просто" инжиқ одамман - тиш чўтка сўлда, пастаси ўнгда туриши керак. Алмашиб қолмаслиги лозим. Алмашса – чатоқ. Сўзга, сўзларга муносабатим шундан. Қолаверса, Сўз - ризқим. Ризқни эса исроф қилмайдилар. “Ижодкор” - парвози баланд одамларга нисбат берилганда ишлатилиши жоиз бўлган нархи баланд сўз. “Санъаткор” сўзидай, “Инсон” сўзидай. Бас, шундай экан, унда нима учун суҳбатга рози бўлдингиз, деб ҳайрон бўлманг. Мени ижодкор, деб тан олган экансиз, нега оёғимни тирай?! Кимга ёқмайди бундай эътироф? Қайси ожиз бандага ёқмайди? Баъзи матнларим Сизга ёққандир-да? Улар чинакам ижод намунаси бўлиб кўрингандир-да? Ҳатто ўзим ҳам биламан қайсилари ёққанини. Ўша – ёққанларида қора сўзларимга бироз ранг кирганини сезганман. Ижод гашти, машаққати дейсиз. Аввал машаққатни айтай. Машаққат қилиб ёзсангиз, машаққат қилиб ўқийдилар. Шунинг учун қийнала бошладимми, ўчираман компьютерни – зарил кептими қийналиб?! Бировларниям қийнаб нима қиламан, тўғрими? Уларда нима гуноҳ?
Би-би-си: Гашти-чи?
Сарвар Усмон: Гашт матн битганидан сўнг оғзимда пайдо бўладиган таъмда. Ширин таъм пайдо бўлдими, беихтиёр тамшана бошладимми, демак, яхши нарса ёзибман.
Би-би-си: Муҳожиратдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ватандаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?
Сарвар Усмон: Ўлгудай дангаса одамман. Қолаверса, кечқурунлари ё дам олиш кунлари жиддийроқ, чиройлироқ, каттароқ бир нарса ёзиш учун одам кундузи журналистика билан эмас, бошқа иш билан шуғулланиши, масалан, ҳаммоллик қилиши керак, шекилли. Шундай бўлса-да, иккита романча бошлаб қўйганман. Иккаласиям деярли битиб қолган. Устидан кўриш, таҳрир қилиш, пардозлаш қолган. Йўқ-йўқ, ёзувчиликка даъвоим йўқ. “Қирқингда сурнай ўрганиб, гўримда чаласанми," дейишади-ку! Қолаверса, бу "қўтир" дунёнинг ғадир-будурини битта роман билан рандалаб, силлиқлаб қўяман, дейдиган довдирлик ёшидан икки марта ўтиб кетганман. Дунёнинг ғадир-будурини рандамнинг тиши олмосдан бўлсаям текислаёлмаслигимни тушунганимга анча бўлди. Лекин шундай бўлса-да, ўша “романча”ларга қўл урдим. Нега? Чунки ҳар куни ёзаётганим мақолаларнинг умри қисқа. Уларнинг ҳар бири жуда катта "пазл"нинг биттадан парчаси, холос. Иккала романимда иккита "пазл"ни тўлалигича кўра олдим, деган иддаом бор. Бошқалар шуни кўрмаяпти, деган ишонч бор. Мен кўрсатмасам, ким кўрсатади, деган каттазанглик бор. Ҳали Сиз билмаган, ҳали битмаган, битказишга ўзимни кўндиролмаётганим китоблар тўғрисида атайлаб айтаяпман. Зора, кўпчиликка айтиб қўйганим учун уялсам, ўзимга ўзим, “Ўл-а, дангаса, ишла!”, деёлсам. Қолаверса, Озодликда ёзганларим баъзи жиддийроқ нарсаларимни, кундалик юмушим – хабарчилигимдан ортган вақтимда қоралаган баъзи рангин битикларимни битта китобга жамласам, дейман. Дейману китоб чиқариш машаққатини ўйлаб пешонам тиришади. Хўп, чиқардим ҳам дейлик. Нима қиламан чиқарволиб? Қаерга обораман? Лекин барибир 1 нусхада бўлсаям битта китоб қилмоқчиман. Неварам учун. Катта бўлганида мундоооқ қўлига олиб, “Биззи бобоям бир нарсалар демоқчи бўганакан-да. ” десин.
Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди?
Сарвар Усмон: Ҳорижда яшаётганимга бу йил ўн йил тўлади. Мана ўн йилдирки, ботқоғидан узоқда учиб юрган бақаман. Икки лайлак оғзидаги чўпга осилиб парвоз қиларкан, "сассиқ ботқоғим"дан фарқли яшил ўрмонларни, зилол сувли дарёларни, баланд тоғлару ҳадсиз уммонларни кўрдим. Лекин мен учяпман, деб оғзимни очмадим – мақтамадим-мақтанмадим. Болалигимда ўқиганим чўпчакдан биламанки, оғзимни очишим билан қулаб абжағим чиқади. Гап абжағим чиқишидан қўрқишимда эмас, биламанки, ўша яшил ўрмонлар, зилол сувли дарёлар, баланд тоғлару ҳадсиз уммонлар меники эмас. Бировларники. Яна биламанки, бир кун келиб ўша қадрдон "сассиқ ботқоғим"га қайтишим бор. Ахир отам ётибди, онам ётибди унда. Менинг "ботқоғим"нинг, Шавкат Раҳмоннинг сўлим Ўшининг бултур ёзда лойқаланган сувлари ҳануз тинай демаяпти. Иш столим олдидаги тахтага июн қирғинидан кейин илиб қўйганим - бошқа бир таги ўшлик - Абдулҳамид Чўлпоннинг Ўш ҳақидаги битиги, афсуски, ҳануз долзарб қолмоқда. Мана, ўша, ўтган асрнинг бошларида чизилган тасвир: “Мозорлар, шайхлар, улуғлар маскани бўлғон чиройлиқ Ўш шаҳри, устига кундош келиб қолғон жувондек, бир чеккада маҳзун-маҳзун қолиб кетди. ”
Би-би-си: Муҳожират сизни қандай имкониятлардан маҳрум этди?
Сарвар Усмон: Муҳожират ичимдаги цензорга қулоқ солиш “имконияти”дан маҳрум этди. Муҳожират ўша цензорни маҳв этди. Лекин бўш қолмади ичим. Муҳожират цензорнинг ўрнига ичимга муҳаррирни жойлаб қўйди. Ичимдаги муҳаррир ҳамма муҳаррирлардан инжиқроқ муҳаррирдир. Ўзимни қанчалик таҳрир қилсам, шунчалик ҳур бўлишимни – озод бўлишимни муҳожиратда тушундим. Ҳаётда ҳам, Сиз айтаётгандай, ижодда ҳам.
Би-би-си: Агар муҳожиратдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?
Сарвар Усмон: Фарқи йўқ. Агар ижодкор чинакам Ижодкор бўлса, агар чиндан ҳам одамларга айтадиган Сўзи бўлса, уни айтиш учун жой танлаб ўтирмайди. Ватанда ёзиш осонми ё ташқаридами? Саволни мана бундоқ қўйсак-чи: Ватанда нафас олиш осонми ё ташқаридами? Чинакам ижод эркин нафасдир. Нафс эмас, нафасдир. Бир қарашда Ўзбекистондаги, юмшоқроқ айтганда, биқиқликда эл таниган адибларимиз “денгиз” кашф қилиш билангина бандлар. Сизни ишонтириб айтаманки, ундай эмас. Яхши нарсалар ёзилаяпти, менимча. Мана биргина мисол: 3–4 йил олдин таниқли бир ёзувчимизнинг ҳикоясини ўқиб қолдим. Воқеа мустақилликка эришилганидан кейинги даврда кечаётганига аниқ-тиниқ ишоралари бор ўша ҳикояда зулм механизми, киши устидан назорат ўрнатиш механизми тиниқ чизиб берилган. Лекин шуниси қизиқки, шуниси мен учун жумбоқки, ўша ҳикоянинг муаллифи ўзи фош қилаётган Зулм Машинасининг Кучли Мурватларидан биридир. Мен умуман айтмаяпман – конкрет бир шахсни назарда тутаяпман. Исм-фамилиясини айтмаётганим одоблилигим белгиси эмас, балки айтганимдаям бир нарса ўзгариб қолишига ишончим йўқлигидан. Нима бу? Билгим келади. Билолмайман. Тушунгим келади. Тушунолмайман. Балки ўша Золим-Мазлумларнинг ўзлари тушунтириб берар? Балки бу ҳақда ёстиқдай рўмонлар ҳам битиб қўйишгандир? Ўша рўмонлар кун кўрар кунини кутиб ётгандир ёстиқлар остида? Агар шу кунгача ёзмаган бўлсалар, бу идея мендан адибларимизга тортиқ бўлсин. Муаллифлик даъво қилмайман. Ёзсалар бўлди. Номиям мендан ҳадя: “Мазлумзолим”. “Мазлум ва Золим” эмас, айнан “Мазлумзолим”. Чунки китобнинг бош қаҳрамони бир киши – сўнгги 20 йил ичидаги ўзбек адибидир. Агар ёзсалару билолмаётганимни билволсам, тушунмаётганимни тушунволсам, Тошкентга учиб, Мустақиллик майдонида неварамга атаганим китобимни ёқиб ташлайман. Кейин битта сигарет тутатиб, Ўшимга кетвораман.